Германия инвестициялари чорвачилик соҳасига йўналтирилади

17.06.2022

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов ва Германиянинг Шпаркасса банкининг Ўзбекистондаги раҳбари Матиас Ванглер ўртасида музокаралар ўтказилди.Учрашувда Германия банки томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредит ва грант маблағлари юртимизда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳани модернизация ва диверсификация қилиш, чорвачилик соҳасида қулай агробизнес муҳитини ривожлантиришга йўналтирилиши таъкидланди.

Шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори имзоланиб, унда белгиланган дастур доирасидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 2022 йилнинг ўзида Халқаро молия ташкилотларининг 500 миллион доллар миқдорида кредит маблағларини жалб этиш вазифаси юклатилган.

Ветеринария қўмитаси томонидан бугунги кунда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Франция тараққиёт агентлиги, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби бир қатор халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, улар иштирокида ветеринария ва чорвачилик соҳасида қиймати 500 миллион доллар бўлган янги лойиҳалар ишга туширилганини таъкидлаймиз.

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x