БОДОМЗОРЛАРНИ КЎПАЙТИРАЙЛИК

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовнинг 2006 йил 9 январда қабул қилинган "Мевасабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони тармоқни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу ҳужжатда халқимиз яратган навларни кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Мевали экинларнинг маҳаллий навларини ўрганиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича республикамизда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Республика фанлар академиясига қарашли Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ушбу лойиҳаларни амалга оширишда бажарувчи агентлик ҳисобланади.

Лойиҳаларнинг асосий мақсади ўлкамиздаги мевали дарахтлар маҳаллий навларини ва ёввойи ҳолда ўсувчи аждодларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланишдан иборат. Ушбу лойиҳани бажаришга агентлик томонидан мамлакатимизнинг бир қатор илмий тадқиқот институтлари олимлари ва мутахассислари ҳам жалб этилди. Жумладан Р.Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти олимлари лойиҳа доирасида узум, бодом ва анор каби мевали дарахт ва бута навларини ўрганиш, уларни истиқболли навлари ва шаклларини аниқлаш ва фермер хўжаликларига экиш учун тавсия қилиш борасида муайян ишларни амалга оширдилар.

Мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларидаги иқлим шароити кўпгина дарахт турларини, айниқса бодомнинг ўсиши ва юқори ҳосил бериши учун нисбатан қулай жойлар ҳисобланади. Жумладан, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхандарё ва Тошкент каби тоғ олди вилоятлари ва Фарғона водийсида бу каби дарахтлардан жуда мўл ҳосил олиш мумкин.

Бодомзорлардан юқори ҳосил олишда, унинг нави ва шакли ҳал қилувчи ахамиятга эга. Лойиҳа бўйича 2007 йилда Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида олиб борилган илмий излашнишлар натижасида бодомнинг 10 дан ортиқ қимматли ва истқболли навлари ва шакллари аниқланди. Жумладан, "Колхозний" маҳаллий ўртапишар бодом нави бўлиб, бир тупини ҳосилдорлиги 3,6 кг га етади. Пўсти юмшоқ, совуққа ва қурғоқчиликка чидамли. Бошқа навларга нисбатан ҳосили сифатли.

"Тяньшан" ҳам маҳаллий нав. Мевасининг оғирлиги 2,65 грамм. Августни охирида пишиб етилади. Ноқулай об-ҳаво шароитларига чидамли, пучоғи юпқа, йирик, тоғ шароитига мослашган, қурғоқчиликка чидамли. "Самарқанд" бодоми ҳам маҳаллий нав бўлиб, унинг мевасини пўсти ўртача қаттиқликда, бир туп дарахтини ўртача ҳосилдорлиги 3,3 кг га етади. Бошқа навларга нисбатан кечпишар ҳисобланади.

Бодомнинг "Угам" нави ҳам маҳаллий бўлиб, бошқа навларга нисбатан мевасини йириклиги (2,70 грамм) билан ажралиб туради, пўсти ўртача қаттиқликда, бир тупидаги ўртача ҳосилдорлик 2,9 кг га тенг.

Шунингдек Самарқанд вилояти Сарайқўрғон ўрмон хўжалиги худудидаги бодомзорларда бодомнинг эртапишар шакли аниқланди. Мевасининг оғирлиги 1,79 грамм, совуққа чидамли, ҳамда Бирчимулла ўрмон хўжалигининг Ходжикент бўлими худудидаги бодомзорларда бодомнинг юпқа пўстли шакли аниқланди.

Таъкидлаш зарурки, аждодларимиз дарахт ва ўсимлик навларини яратишда уларнинг ёввойи турларини асос қилиб олишган. Яратилган маҳаллий навлар узоқ йиллар давомида сараланиб борилган. Натижада уларнинг сифатли ва серҳосиллари кенг оммалашган. Олимларимиз халқ томонидан яратилган бундай навлар ҳамда истиқболли шаклларини аниқлаш юзасидан илмий изланишларни давом эттирмоқдалар. Шунингдек, жойларда маҳаллий аҳоли ва фермерларга биологик хилма хилликнинг ижобий таъсири, ҳамда уларни сақлашнинг илмий асослари хақида тушунтиришлар бераётирлар.

Мамлакатимизда мевали дарахт ва ўсимликларнинг хилма хиллигини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Юртимизда тажрибали боғбонлар, селекционерлар кўп. Уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланилса, асрлар мобайнида яратилган навларни келгуси авлодлар учун сақлаб қолиш имкони янада кенгаяди.

Абдувохид АБДУРАСУЛОВ, Р.Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик институти

директор ўринбосари, кишлок хўжалик фанлари номзоди.

 

Теглар

Реклама