“Ҳар бир томчи аҳамиятга эга” дастури тажрибасидан. Қишлоқ сув таъминотини бошқариш масалалари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида  Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган “Зарафшон дарёси ҳавзаси сув ресурсларини интеграл бошқариш ва сувни тежаш” лойиҳаси (СРИБ - Сув ресурсларини интеграл бошқариш лойиҳаси) фаолиятини ёритишда давом этамиз.  Биринчи мақоламизда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги “Канал Ёқа” қишлоғи ва Самарқанд туманидаги “Кулбаи поён”  маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тизимининг йўлга қўйилгани  ҳақида ҳикоя қилган эдик.

 

Шу йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамкорлигида  Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган “Зарафшон дарёси ҳавзаси сув ресурсларини интеграл бошқариш ва сувни тежаш” лойиҳаси (СРИБ - Сув ресурсларини интеграл бошқариш лойиҳаси) доирасида Самарканд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Жума шаҳрида ичимлик суви бўйича дастурлар тажрибасини умумлаштириш ва бу борада келгусидаги режаларга бағишланган семинар ўтказилди.

 

Мазкур семинарда Қишлоқ ва сув хўжалиги, молия, иктисодиёт вазирликлари, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ЎзГидромет, “Ўзбекэнерго” ДАК,  “Ўзгидроингео” институти, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари вакиллари, ЕИнинг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси,  “Ҳар бир томчи аҳамиятга эга” дастури, ЮНИСЕФ, БМТнинг Тараққиёт дастури вакиллари, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги   «Канал Ёқа» қишлоғи, Самарқанд туманидаги «Кулбаи поён» маҳалласи аҳли иштирок этишди.  Тадбирни Пастдарғом тумани ҳокими Х. Бўриев  кириш сўзи билан очди.

Олдин хабар берганимиздек,  28 март куни Самарқанд вилоятининг иккита қишлоғида  аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш  тизимининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Шу муносабат билан 29 март куни ўтказилган семинарда мазкур тизимларни ишга тушириш, ушбу тажрибадан  бошқа қишлоқ ва  аҳоли пунктларида ҳам фойдаланиш масалалари муҳокама этилди. Семинарда иштирокчилар эътиборига ҳавола этилган маърузаларнинг асосий қисми  шу ва бошқа масалаларга бағишланди.

  Хусусан, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош мутахассиси К.  Ғуломов “Ўзбекистонда  ичимлик суви таъминоти ва санитариясининг стратегияси” мавзуида маъруза қилди.      У Ўзбекистонда қабул қилинган мазкур стратегиянинг ўзига хос жиҳатлари, уни ижро этиш талаблари ҳақида тушунтириб берди.

“Зарафшон дарёси ҳавзаси сув ресурсларини интеграл бошқариш ва сувни тежаш” лойиҳаси (СРИБ - Сув ресурсларини интеграл бошқариш лойиҳаси) тажрибаси ҳақида лойиҳанинг миллий маслаҳатчиси Б. Хўжаев ўзининг “Зарафшон дарёси ҳавзаси учун ичимлик суви ва санитария бўйича интеграл стратегия”  деб номланган маърузасида батафсил тўхталди. У Зарафшон дарёсида ирригация-мелиорация тизимини яхшилаш, сувнинг унумдорлигини ошириш, мавжуд институционал салоҳиятини такомиллаштириш ва ахборотни бошқариш  масалалари бўйича 4 та сектор асосида стратегиялар ишлаб чиқилгани ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, Зарафшон ҳавзасида яшовчи аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтиришга қаратилган сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича Стратегия доирасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида қурилган иккита янги сув билан таъминлаш тизими туфайли Пастдарғом туманидаги “Канал-Ёқа” қишлоғи ва Самарқанд туманининг “Кулбаи поён” қишлоғидаги “Нуробод” маҳалласининг 2 мингга яқин аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Илк қалдирғоч лойиҳадаги ана шу улкан муваффақият тўғрисида  лойиҳа мутахассиси  Б.Мирзаев батафсил сўзлаб берди.

ЮНИСЕФнинг  қишлоқ мактабларининг санитария ва гигиена ҳолати бўйича WASH/SWASH Дастури тажрибаси хусусида эса лойиҳа ходими Б.Рахимов ўртоқлашди. Шунингдек,  Осиё тараққиёт банкининг  “Сурхондарё вилоятида сув таъминоти ва санитария ҳолати: мактабда ҳамда жамоатчилик билан санитария ва гигиена ҳолати  бўйича ишлаш тажрибаси” лойиҳаси доирасида тўпланган тажриба  тўғрисида мазкур лойиҳанинг 3 компоненти - “Санитария и гигиена” бўйича гуруҳи раҳбари, «InfoCapitalGroup» МЧЖ нинг  вакили Р.Мусина сўзлаб берди.

Самарқанд ва Навоий вилоятларда қишлоқ сув таъминоти ҳамда санитарияси тўғрисида эса мазкур вилоятларнинг “Сувоқава” ташкилотлари раҳбарлари  ҳикоя қилиб беришди.

         Семинарда  СРИБ - сув ресурсларини интеграл бошқариш – қишлоқ ҳудудларида ичимлик суви таъминоти бўйича  лойиҳасининг миллий маслаҳатчиси И.Файзиев томонидан қилинган “Қишлоқда сув таъминоти бўйича Давлат дастури доирасида  Самарқанд ва Навоий  вилоятларида “Ҳар бир томчи аҳамиятга эга” қишлоқда сув таъминоти бўйича дастури тажрибасини  оммалаштириш режаси” мавзуидаги маъруза айниқса кўпчиликда қатта қизиқиш уйғотди.    

Тадбир давомида келажакда қишлоқда сув таъминоти тизимларини ишга тушириш, соҳада хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ойлик маошларини, сув таъминоти учун тўлов қийматини белгилаш каби қатор масалалар қизғин муҳокама қилинди. Семинар иштирокчилари ичимлик сувини етказишни янада яхшилаш, сув билан таъминлашни барқарорлаштириш мақсадида сув таъминоти тизимларини ишга тушириш ва уларни назорат қилиш хизматларини жорий этиш бўйича ҳам ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Бу йўналишда Д. Амирқулова томонидан “Қишлоқ сув таъминоти тизимларини бошқариш бўйича  ва қишлоқ йиғинларини  ижтимоий йўналтириш мақсадида уларнинг салоҳиятини ошириш” мавзуида қилинган маъруза айни муддао бўлди.

Семинар якунлари бўйича  келажакда маҳаллий ҳокимият органлари  ҳамда сув таъминоти ва канализациялар  хизматлари фаолиятига доир лойиҳани амалга ошириш давомида инобатга олиниши режалаштирилган тегишли таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди.

Семинар якунидан сўнг ҳам  иштирокчилар “Зарафшон дарёси ҳавзаси сув ресурсларини интеграл бошқариш ва сувни тежаш” (СРИБ - Сув ресурсларини интеграл бошқариш лойиҳаси) лойиҳаси ходимлари билан қишлоқда сув таъминоти тизимини яратиш ва бошқариш масалаларини қизғин муҳокама этишди. 
 

Р.Ибрагимов.

 

Теглар

Реклама