Исмалоқнинг барра ўтини кўкатли таомларга қўшиб ишлатилиши сиҳат-саломатликка жуда фойдалидир. Унинг таркибида С, В1, В3, В6, РР, К, Е каби дармон-дорилар, темир, йод, фосфор, калий, кальций, магний каби маъданлар ҳам жо бўлган. Шу моддалар таъсири туфайли бир қатор хасталикларни даволашда қўл келади.
Абу Али ибн Сино исмалоқ баргидан тайёрланган қайнатмани йўтал, қабзиятга қарши, сафро-ўт ҳайдовчи омил сифатида тавсия этган. Унинг баргидан тайёрланган малҳам оғриқ қолдирувчи дори ҳамдир.
Исмалоқдан қайнатма тайёрлаш учун 1 ош қошиқ унинг сархил мурғак ўти ёки барг қиймаси 200 мл. қайноқ сув билан 10 дақиқа мобайнида қайнатилади ва 1 соат дамланади. Кейин докада сузилиб, ундан кунига 50 мл. 3-4 маҳал ичилади.
Халқ табобатида исмалоқ барглари асосида тайёрланган омиллар камқонлик (анемия), томоқ, ўпка, рахит ва асаб хасталикларига шифо ҳисобланади. Унда ел ва пешоб ҳайдаш хусусияти ҳам бор.
Ўсимлик эпилепсияга мубтало бўлган кишиларнинг ҳолатини енгиллаштиради. У қон томирлардаги “ёмон” холестерин ҳосил бўлишининг олдини олади.
Исмалоқ атеросклерозни даволашда малҳам бўла олади. Бунда даволаш муолажаси давомийлиги уч ой, зарурат туғилганда тўрт ой мобайнида, 10 кунлик танаффус билан бирга, олиб борилади. Исмалоқ дамламасига 20 томчи дўлана спиртли тиндирмаси қўшиб ичилса, самараси янада яхшироқ бўлади.
Ўсимликда онкологик хасталиклар ривожланишини камайтириш хосияти бор. Таркибидаги фолий кислотаси камқонликда асқотади. Подагра хасталигига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.
Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.