МОМАҚАЙМОҚ — СИҲАТГА САБОҚ

07.05.2022

Баҳор келиши билан турли ўт-ўланлар бодроқдек униб чиқиб, борлиқни кўм-кўк либосга ўрайди. Шифобахш бу ўсимликлардан кўк патир, кўк чучвара, кўк сомса ва манти каби хуштаъм таомлар тайёрланади. Қуйида шундай табиат неъматларидан ҳисобланган момақаймоқ ва хушо (жағ-жағ) ва исмалоқнинг шифобахш хосиятлари ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.
Момақаймоқ халқ табобатида қадимдан ишлатиб келинади. У иштаҳа очувчи, таом ҳазмини яхшилашда, қабзият, қорин дам бўлганда, сариқ ва жигар хасталигида, бод, қандли диабет, қон босими ошганда, пешоб йўли, буйракдаги тош, сил, қўтир, чипқон, куйган жойларни даволашда, сўгалларни йўқотишда яхши даво бўлади. У, айниқса, камқонликда, қувватсизликда фойдалидир.
Ўсимлик гулларидан тайёрланган мураббо ташқи кўринишидан, ҳиди ва таъми билан асални эслатади. Эрталаб ўсимлик хушбўй нектарга тўлганида гуллари йиғилади. Сўнг 100 гр. гулига 900 мл. сув нисбатида олиниб, 2-3 дона лимон парраги қўшилади ва паст оловда 40-50 дақиқа қайнатилади, докадан ўтказилади. Кейин бир килограмм қанд қўшилади ва 60-80 дақиқа қайнатилади.
Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўсимлик билан йўтални қолдиришда, тиқилмаларни очишда фойдаланган. У заҳарга қарши, чаёнлар чаққанда наф беради. Эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиришда малҳам бўла олади.
Замонавий табобатда ўсимлик иштаҳа очувчи, қабзиятда ва ўт ҳайдовчи сифатида ишлатилади. Бунинг учун бир ош қошиғида ўсимлик барглари ва гуллари олиниб, 200 мл. қайноқ сувга солинади, 20 дақиқа дамланади, сузилади ва 2-4 қошиқдан кунига уч маҳал таомдан ярим соат олдин ичилади. Илдизидан тайёрлаш учун у обдон майдаланади, бир пиёла қайноқ сувга бир ош қошиқ солиниб, паст оловда 30 дақиқа милтиллатиб қайнатилади. Сўнг қайнатмадан 2-3 ош қошиқда уч маҳал ичилади.

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x