ОРГАНИК МАҲСУЛОТЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИНГ ХУҚУҚИЙ АСОСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

23.05.2022

Халқаро ташкилотлар маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда дунёда 1 млрд-дан ортиқ киши, яъни ҳар саккиз нафаридан бири тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас. Аксарият аҳолининг тўлақонли равишда овқатланмаслиги, улар таркибида микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нақадар долзарб масала эканлигидан далолат беради.

Озиқ-овқат хавфсизлиги тушунчаси аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан таъминлашни назарда тутади. Бироқ, кейинги йилларда жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан ортда қолмоқда, айниқса, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган иқлим ўзгариши шароитларида айрим давлатларда муаммо тобора кескинлашиб бормоқда.

Жаҳонда юз бераётган ушбу мураккаб бир пайтда Ўзбекистонда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилибгина қолмай, балки катта миқдорда экспорт қилинаётгани мамлакат иқтисодий салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Давлат раҳбари томонидан соҳани давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганлиги ушбу барқарорликнинг асосий замини бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўнги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқаро амалиётларда синалган соҳани тизимли ривожлантиришнинг ташкилий-хуқуқий асослари яратилди. Хусусан, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ваколатли орган – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, сув хўжалигидан ажралган ҳолда, алоҳида вазирлик мақомига эга бўлди, соҳага оид 50 дан ортиқ норматив-хуқуқий хужжатлар ҳамда халқаро хужжатлар қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Aлиментариус Кодекси аъзоси ҳисобланиб, ушбу халқаро хужжат стандартлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро миқёсда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Кодекс барча қитъаларда амал қилади ва унинг соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат савдосининг адолатли амалга ошишидаги ҳиссаси беқиёс.

Aлиментариус Кодекси озиқ-овқат стандартлари ва қоидалари кодексини амалга ошириш бўйича БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотлари (ФAО/ЖССТ) халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро стандартлари тўплами ҳисобланади. Кодекс стандартлари асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда қайта ишланган ва қайта ишланмаган озиқ-овқат маҳсулотларни ҳам қамраб олади.

Aлиментариус Кодекси Комиссияси ФAО/ЖССТ ташаббуси билан 1960 йилларнинг бошларида ташкил этилган. Codex Alimentarius лотин тилидан “код” ва “овқат” деб таржима қилиниб, “озиқ-овқат коди” маъносини англатади. Кодекс озиқ-овқатнинг илмий асосланган стандартларини, улар билан боғлиқ кўрсатмаларини ва тегишли матнларини ишлаб чиқадиган, 188 та аъзо давлатга эга бўлган ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.

Кодекс истеъмолчилар, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг халқаро савдосини назорат қилиш бўйича халқаро ва миллий агентликлар учун халқаро озиқ-овқат стандартларини қўллашнинг халқаро хуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

Бугун кунда барча ривожланган давлатлар ушбу Кодекс стандартлари асосида хуқуқий хужжатлар қабул қилган ҳолда органик озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаради, аҳолини экологик тоза органик маҳсулотлар билан таъминлаш ва ушбу маҳсулотлар экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади. Айни пайтда дунёнинг 179 мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда, уларда 2 миллиондан зиёд органик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб бормоқдалар.

Бугунги кунда, органик қишлоқ хўжалиги – жаҳон тренди бўлиб, 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд еврони ташкил этиб, 71,5 млн гектар майдонда 2,8 млн ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган.

Экспертларнинг баҳолашига кўра, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 млрд АҚШ доллари (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи)ни ташкил этиши прогноз қилинган.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, дунёнинг 103 та мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида қонун қабул қилинган бўлиб, мазкур давлатларда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йиллик 12-15% га ошиб бормоқда. Энг асосийси, бундай кўрсаткичлар 2025 йилгача барқарор сақланиб қолиниши иқтисодчилар томонидан башорат қилинмоқда.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институтининг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва республикамиз органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонларига эга эканлиги қайд этилган.

Бугунги кунда мамлакатда органик маҳсулотлар етиштириш борасида бир қатор амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2021 йил давомида 4 та пахта-тўқимачилик клаcтерларига тегишли 7 та туманда жами 1 464 га майдонда 2 минг 685 тонна “Organic” халқаро стандарт талаблари асосида пахта хомашёси етиштирилган. Органик усулда етиштирилган пахта толасидан халқаро “GOTS” стандарти талаблари асосида экологик тоза яъни органик кийим-кечак маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, мева-сабзавот ва доривор маҳсулотлар етиштириш йўнлашида жами 900 га яқин майдонда органик усулда маҳсулотлар етиштирилган. Хусусан, “Sunny Fruit Production” МЧЖ томонидан 2017–2021 йилларда жами 3 минг тоннага яқин органик майиз етиштирилиб, хориж давлатларга майизнинг анъанавий турига нисбатан 14,7 фоизга юқори нархларда экспорт қилинган ва 4,1 баробар кўпроқ соф фойда олинган.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида ушбу амалиёт ўз ўрнига эга, яъни асрлар давомида шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик тамойилларига асосланган. Бу генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, озуқавий қиймати юқори, ўзига хос таъм ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган органик (экологик тоза) мева ва сабзавотларни етиштириш имконини беради.

Шу билан бирга, жаҳон бозорида маҳсулотларга қўйилган сифат ва хавфсизлик талабларининг тобора кучайиб бориши, республикамизда етиштирилаётган маҳсулотларнинг халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қўшимча чоралар кўришни талаб қилмоқда. Мамлакатда бугунги кунда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи нормалар тарқоқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланганлиги ҳамда яхлит қонун хужжатининг мавжуд эмаслиги соҳани кескин ривожлантиришда маълум қийинчиликларни туғдирмоқда.

Ушбу мақсадларда куни кеча Давлат раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонуни мамлакатда органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг хуқуқий асосларини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда органик маҳсулотларни етиштиришнинг асосий тартиб-таомиллари, соҳани давлат томонидан тартибга солиш ва қўллаб-қувватлаш қоидалари ҳамда бу борада давлат ва хокимият органларининг ваколатлари белгилаб берилмоқда. Органик маҳсулотлар ва уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини нaзорaт қилиш ва бошқариш механизмлари тартибга солинмоқда.

Шунингдек, органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни мувофиқлигини баҳолаш ва инспекция қилиш тартиби ҳамда органик маҳсулотлар уларни ишлаб чиқарувчи томонидан тамғаланиши белгилаб қўйилмоқда.

Эътиборлиси, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларида қўшимча қиймат яратиш орқали мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Янги тараққиёт стратегиясида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар қаторида аҳолининг озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим бўлган “органик” қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Мазкур стратегиянинг илк қадами сифатида Давлат раҳбарининг        2021 йил 24 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сонли Қарори билан 200 минг гектар экин майдонларининг фуқароларга 1 гектаргача майдонда деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун узоқ муддатларга ижарага берилиши органик маҳсулотларни кластер усулида етиштириш имкониятларини яратади.

Органик маҳсулотлар борасидаги янги хуқуқий хужжат ўз навбатида аҳолининг бандлигини таъминлаган ҳолда улар турмуш даражасининг юксалишига, мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишга, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларида қўшимча қиймат яратиш орқали мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини оширишда хизмат қилади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонуни мамлакатнинг тегишли халқаро хужжатлар доирасида олган мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш ҳамда миллий стандартларни халқаро хужжатларда белгиланган стандартларга интеграция жараёнларининг хуқуқий асосларини белгилаб беради.

 

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

 Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси

 

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x