27-28-май кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳудудий бошқармалар, тизим ташкилотлари, АКИС марказлари, Илмий- тадқиқот марказларида фаолият юритаётган ходимлар билан ишлаш бўлимлари мутахассислари учун ўқув тренинг машғулоти бўлиб ўтди. Унда кадрлар сиёсати, давлат хизматида олиб борилаётган янгиликлар ва ислоҳотлар, ходимлар билан ишлаш фаолиятини самарали ташкил этиш, давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш ва меҳнат муносабатларига оид мавзулар муҳокама этилди. Тадбир доирасида ходимлар билан ишлаш йўналишига оид иш юритиш бўйича амалий услубий қўлланма тақдимоти ўтказилди.
Мазкур ўқув-тренингда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг мутахассислари иштирок этишди. Учрашувда бугунги кунда давлат хизматида долзарб бўлган “ҳалоллик вакцинаси” ва коррупцияга қарши кураш, ходимларнинг маълумотларини ягона миллий меҳнат тизими дастурига киритиш, меҳнат муносабатлари каби мавзуларда иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, тренинг давомида билдирилган талаблардан келиб чиққан холда ҳиссиёт ва эмоцияларни бошқариш бўйича психологик амалий машгулот ҳам ўтказилди. Ўқув-тренинг савол-жавоблар, очиқ мулоқот тарзида ташкил этилиб, қатнашчилар барча йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди. Машғулотларнинг ЗООМ дастури орқали ҳам олиб борилиши барча туманлар, тизим ташкилот бўлинмалари, тажриба станцияларининг 200 нафардан ортиқ кадрлар бўйича мутахассисларининг бевосита иштирокини таъминлади.
Тадбир якунида ходимлар билан ишлаш йўналишининг келгусидаги вазифалари, ходимларни ўқитиш ва малакасини оширишни тизимли ташкил этиш йўналишларидаги вазифалар ҳам белгилаб олинди.