Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлардаги корхоналарнинг юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришини рағбатлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек МДҲ ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш мақсадида МДҲга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ 2 йилда 1 маротаба Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти (Премия Содружества Независимых Государств за достижения в области качества продукции и услуг) танлови ўтказиш жорий этилган деб хабар беради Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги.
Танлов шартига мувофиқ МДҲга аъзо давлатларга камида 2 йил давомида маҳсулотларини экспорт қилган ва юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарилишини таъминлаган саноат, истеъмол товарлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва ҳизмат кўрсатувчи корхоналар иштирок этиши белгиланган. Танлов ғолиблари диплом билан тақдирланади ва соврин логотипидан 3 йил давомида маҳсулотларини ёрлиқлашда реклама мақсадларида фойдаланишлари мумкин бўлади. Жорий йил 18 март куни Москва шаҳрида МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги 93-йиғилишида илк бор Ўзбекистондан Самарқанд вилоятидаги «АГРОМИР» корхонаси маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасида эришилган ютуқлари учун МДҲ Мукофоти лауреатлари деб топилди. Бугун Агентлик матбуот хизмати ташаббуси билан ҳудудий бўлинма масъуллари ҳамкорлигида мазкур корхона фаолияти билан танишилмоқда. ОАВ ходимлари иштирок этаётган мазкур учрашувда корхона томонидан эришилган ютуқлар ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати юзасидан маълумотлар берилмоқда.