“Катта Фарғона канали қурилишидан кейинги улкан иш” — Олтиариқдаги 1000 гектарлик адирда барпо этилган узумзордан репортаж.

17.06.2022

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 1000 гектарлик адир узумзорга айлантирилди. Лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилиб, боғ 45 кунда тайёр ҳолга келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев май ойида Фарғонага ташрифини Олтиариқдан бошлаган эди ва ушбу узумзорда бўлиб, уни ташкил қилган фаоллар билан учрашганди.

“Дарё” мухбири боғнинг ҳозир қандай ҳолатда экани, кўчатлар қай даражада кўкарганини аниқлаш мақсадида узумзорга борди. Мазкур узумзор барпо этилишида фаол қатнашган, узумчилик бўйича мутахассис Ҳусанбой Ғофуров боғ кимларга бўлиб берилаётгани ҳақида маълумот берди.

“Олтиариқликлар бу боғни Катта Фарғона канали қурилишидан кейинги энг улкан иш бўлди, дейишмоқда. Узум боғи 45 кун ичида мана шу ҳолатга келтирилди. 2-3 йилдан сўнг, кўчатлар ҳосил бера бошлайди. Адир бўлишига қарамай, бу ёқда ер ҳам яхши, сув ҳам муаммо эмас. 1 гектар ердан 15 тонна ҳосил олиш мумкин. Эрта баҳорда экилган узумлар бўйи бугун ярим метрдан ошди. Бу ерлар “Темир дафтар”га киритилган ва ёш оилаларга 20-25 сотихдан, 7 йилга (3 йиллик имтиёз билан) 14 фоизли кредит асосида тақсимлаб берилди. Энг яхши томони, 7 йил давомида 25 миллион сўм тўлангач, бу ерлар хусусий мулкка айланади. Кўчатлар ҳам, токлар ҳам кредит маблағлари ичига киради ва боғ эгасига тайёр ҳолатда топширилади”, – деди у. Маълум қилинишича, ҳозир боғ учун ажратилган 1000 гектардан 560 гектарига узумлар экиб бўлинган. Меваларни суғориш техникалар ёрдамида бажарилади ва бунга алоҳида ишчилар бириктирилган. Боғга ризамат, кишмиш, келин бармоқ, мерс, ҳусайни каби узум навлари экилган. Олтиариқ тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, узумзордаги 20 сотих ердан бир йилда 56 миллион сўм фойда кўриш мумкин. Энг муҳими 4000 та иш ўрни яратилади. Узум боғга кўчат экиш бўйича иш бошқарувчи, агроном Исъҳоқжон Бойматов Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу боғга ташрифини қувонч билан ёдга олди. “Давлатимиз раҳбари узумзорни кўриб жуда хурсанд бўлдилар. Шундай нотекис қир-адирларда боғ барпо қилингани Президентни қувонтирди. “Ғаллаорол (Жиззах) томонларда текис адирликлар турибди. У ёқларда ҳам шу ердагидан ўрганиб, боғ қилса бўлади-ку. Шу ерда ҳаёт бўлса, одамлар келади: уй, мактаблар қурилади, келажак пайдо бўлади. Яна қанча қанча адирликлар ётибди. Бу тизимни бутун республикага жорий қилиш керак”, дедилар. Узумзорда мен билан гаплашдилар. Миннатдорлик билдириб, хурсанд бўлдилар. Давлат раҳбарига биз узумчилик бўйича янги тизим яратиб бердик, дедим. Президентда бу боғни кўриб бошқача фахр пайдо бўлди”, – дейди у. Узумзор таъминотчиси Элмурод Назаровнинг айтишича, адирга узум кўчатларидан ташқари бошқа бир қанча экинлар ҳам экилган. “Бу ерга узумлардан ташқари тарвуз, қалампир, булғор қалампири, ловия ҳам экиб бердик. Экинлар учун сув 280 метр чуқурликдан чиқарилмоқда. Ҳар 50 гектар ерга битта мембрана ўрнатилган. Битта мембрананинг атрофида 3-4 тадан дренажи мавжуд. Ундан мембрананинг ичига сув тушиб тўпланади ва томчилаш усули билан ер ичига тарқатилади. Ҳамма кўчатлар бехато кўкарган. 1 гектар ерга 550 тупдан узум экилди. Ҳозирда биринчи битирилган 300 гектар ердан илк тарвуз ҳосилини олдик. Шу ерларда шунақа ерлар бор экан билмай юрган эканмиз. Бу даражада чиройли бўлишини биров ақлига сиғдира олмасди. Тупроқ яхшилигидан ҳеч қандай дориларсиз ҳам тарвузлар пишмоқда”, – деди мутахассис. Айтилишича, узумларни экспорт қилиш бўйича кластерлар ташкил қилинмоқда. Маҳаллий тадбиркорлар ҳам меваларни сотиб олишлари мумкин. Шу билан бирга, ҳудудда катта сиғимли музлаткичли омборлар ва 2 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилади.

Манба: https://daryo.uz/2022/06/15/katta-fargona-kanali-qurilishidan-keyingi-ulkan-ish-oltiariqdagi-1000-gektarlik-adirda-barpo-etilgan-uzumzordan-reportaj/?utm_source=@daryo

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x