Қўшма лойиҳа Давлат экология қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси (ЕИК) ташаббуси билан амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.
Лойиҳанинг асосий мақсади узоқ муддатли молиялаштириш, мувофиқлаштириш ва салоҳиятни ошириш орқали “Яшил макон” ташаббусини ҳаётга самарали тадбиқ этишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан иборат. Лойиҳа уч томондан, яъни Давлат экология қўмитаси, БМТТД ва БМТ ЕИК билан ҳамкорликда молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” лойиҳаси Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажаришга ёрдам беради. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида дарахтлар тупроқ сифатини яхшилайди, чўлланишнинг олдини олиш ва уни қайтаришда ҳам катта ўрин тутади.
БМТТД томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар яшил ҳудудларни кўпайтириш ва кенгайтириш орқали углерод захираларига қайтишни таъминлайди ва ўрмонзорлаштириш фаолияти билан боғлиқ молиявий юкни камайтиради.
Ушбу қўшма лойиҳа, Ўзбекистонда, айниқса, қишлоқ аёллари учун экологик тоза ва барқарор иш ўринларини яратишга хизмат қилади.