Одатда бир ё иккита қуёш панели билан электр энегияси бўйича каттароқ самарага эришиш қийин. Қуёш панели қайта тикланувчи электр энергияси манбаи бўлгани билан афзал. Уни ишлаб чиқаришда анъанавий энергетикадан фарқли равишда табиатга зарарли газлар чиқарилмайди. Шунчаки қуёш нури электр энергияга айлантирилади.
Ҳозирги вақтда муаммоли томони шуки, ҳали бу ускуналар қиммат. Шу сабабдан ҳозирча бундай ускуналар олиб кирган, ўрнатган ва ишлатаётган жисмоний ва юридик шахсларга давлат томонидан маълум муддатга имтиёзлар ажратилмоқда. Чунки қуёш энергияси ишлаб чиқариш орқали тежамкорликка эришиш учун вақт керак.
Жомбойлик тадбиркор Насим Тўрақулов худди шу ҳолатни яхши тушунгани, замонавий фикрлаши билан диққатимизни тортди, деб ёзади ўз янгиликларида zarnews.uz веб-сайти.
– 2004 йил ўғлим қишлоқ хўжалиги соҳасида тажрибасини ошириш учун Германияга борганди. Айтишича, у ерда аллақачон фермерлар муқобил энергетика ускуналари – қуёш ва шамолдан электр энергияси ажратувчи ускуналарга эга. Эҳтиёжига яраша электр энергияси ишлаб чиқаради ва ўзи тасарруф этади. Керак бўлса ортиқчасини сотади ҳам. Шу воқеадан кейин мен ҳам мустақил электр станция қуришга қарор қилгандим. Бугунга келиб бу амалга ошди. Сиз кўриб турган кичик қуёш электр станцияси 270 та панелдан иборат. Бу электр энергиясига бўлган эҳтиёжимнинг маълум қисмини таъминлаб беради. Чунки фермер хўжалигимизда турли лойиҳаларни амалга оширяпмиз, – дейди тадбиркор.
Насим Тўрақуловга бугунги кунда у 100 гектар майдонда турли мевали дарахтлар кўчатлари етиштиради, боғдорчилик қилади ва бошқа талабгор экинлар етиштиради. Масалан, 10 гектарга қулупнай етиштириб, музлатилган ҳолда турли ҳудудларга етказиб беради. Буларнинг барчаси учун мунтазам электр энергияси керак. Айниқса, катта майдонни суғоришда муаммо бўлмаслиги лозим.
Қуёш электр станциясида энг асосий жиҳат – панеллардан ҳам кўра, ишлаб чиқарилган электрни сақлаш, бутун дунёда асосий муаммолардан бири шу. Айнан мана шу сабабдан тадбиркор ҳали ҳам қисман анъанавий электрдан ҳам фойдаланади. Аммо тез орада бу муаммо – батареялар бўйича ҳам ечим топиш ҳаракатида.
Мазкур фермер хўжалик Жомбойнинг «Тўққизбой» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Интенсив боғ ва дала экинларини суғориш тизимидаги электр қурилмалар учун қурилган станциясининг ишлаб чиқариш қуввати 60 кВт. Станция фаолияти натижасида 43,2 минг кВт/соат (қарийб 20 миллион сўмлик) электр энергиясини тежаш имконияти бор.
Фикримизча, бошқа фермер хўжаликлари, айниқса марказлашган тармоқлардан узоқроқдаги тадбиркорлар мазкур хўжлик фаолиятини ўрганиши лозим. Чунки дастлабки йилларда қуёш электр станцияси орқали ишлаб чиқарилган энергия қимматга тушса-да, мазкур ускуналар 20 йил давомида ишлаши ҳисобига кейинчалик энергия деярли “сув текин”га тушади. Қолаверса, шу йилдан эътиборан юқорида айтилганидек, мазкур ускуналардан фойдаланилганлик учун энди имтиёзлар бор.