Балиқчилик илмий марказида ўқув курслари ташкил этилди

Бугунги кунда балиқчилик соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан,  Республиканинг 10 яқин олий таълим муассасаларида Балиқчилик йўналиши бўйича факультетлар ташкил этилиб, мутахассис кадрлар тайёрланиб келинмоқда.

Шу билан бирга, соҳада фаолият юритиб келаётган балиқчи фермерлар билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университети, Балиқчилик илмий маркази ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида 5 кунлик ўқув дастури ишлаб чиқилиб, ўқув курслари ташкил этилди.

Мазкур дастурда  Ўзбекистонда балиқчилик тармоғининг истиқболлари, ер танлаш, ҳовуз қурилиши, Аквакультура объектларининг биологик хусусиятлари ва улардан мақбул тизимни танлашда фойдаланиш, сувни кимёвий таркибини аниқлаш усуллари, балиқ касалликлари, балиқчиликда наслчилик ишлари ва инкубация, ёпиқ сув айланма тизимида балиқ етиштириш, совуқ сув балиқларини етиштириш,  балиқ маҳсулотларни  қайта ишлаш каби мавзулар қамраб олинган.

Балиқчилик илмий маркази ва Тошкент давлат аграр университетининг малакали мутахассислари томонидан олиб борилаётган дарслар давомида талабалар назарий ва амалий  машғулотлар орқали ўз билимларини янада бойитиш имкониятига эга бўладилар.

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси Ахборот хизмати

Биламизки, балиқчиликда юқори ҳосилдорликка эришиш ва заҳирани мустаҳкамлашда балиқ личинкалари ва чавоқларини етиштириш муҳим масала саналади. Касалликларга чидамли ва тоза наслли личинкаларни етиштириш наслчиликнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирда Республикамизда личинка ҳамда чавоқ етиштириш борасида бир қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2016 йилда Республикада 24 та личинка ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд бўлиб, улар томонидан 640 млн дона личинка ишлаб чиқарилган. 2022 йилга келиб эса корхоналар сони 4 баробарга орттирилиб, уларнинг сони 106 та етказилди ҳамда ушбу корхоналар томонидан 4,5 млярд донадан ортиқ балиқ личинкалари ишлаб чиқарилди.

Ўз навбатида ишлаб чиқарилган балиқ личинкаларини маълум бир муддат давомида ўстириш учун репродуктив ҳавзалар барпо этилади. Ушбу ҳавзалар майдони жорий йилга келиб 5 ярим баробарга оширилиб, 7300 гектарга етказилди. Уларнинг ишлаб чиқариш қуввати эса 470 млн донага етказилди. Мазкур кўрсаткич 2016 йилда қуввати 120 млн дона бўлган 1300 гектар майдонга тенг бўлган.

Бундан кўриниб турибдики, йиллар давомида нафақат личинка ва чавоқ етиштирувчи корхоналар сони балки, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам сезиларли даражада ошди.

Шунингдек, ҳозирда республикамизда жаҳон тажрибасига таянган ҳолда интенсив усулда етиштирилувчи балиқ турлари ҳамда корхоналар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг натижасида интенсив шароитда етиштириш қулай бўлган карп балиқларининг личинкалари ва чавоқларини етиштириш ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда. Яъни, интенсив технологиялар жорий қилинишига қадар асосан оқ дўнгпешона, оқ амур ҳамда карп балиқ личинкалари ишлаб чиқарилган. Интенсив технологияларнинг улуши ошгани сари карп балиқларининг инкубацияси ҳам ошиб бормоқда.

Личинка ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан бугунги кунга келиб балиқ турлари хилма хиллигини ошириш, касалликларга чидамли наслларни етиштириш мақсадида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Навоий вилоятида жойлашган “Голден лайк фиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан маҳаллий карп балиқларининг насл бошиси бўлган Венгрия карп балиғи олиб келинди. Мазкур балиқларнинг 7000 дан ортиқ ота-она тўдаси шакллантирилиб, инкубация қилинди. Хўжалик томонидан бугунги кунга қадар 15 млн донадан ортиқ Венгрия карпи чавоқлари етиштирилиб, республика балиқчилик хўжаликларига етказиб берилди.

Шу билан бирга,  Республикамизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида совуқ сув балиқларини етиштириш ҳам ривожланиб бормоқда. Даставвал, ушбу балиқ личинкалари Франция, Дания каби хориж давлатларидан олиб келинган. Бугунги кунга келиб балиқчилик хўжаликлари томонидан совуқ сув балиқларининг инкубацияси амалга оширилиб, ушбу личинкалар талабгор балиқчилик хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Мисол учун, Тошкент вилоятидаги “Голден фиш групп” масъулияти чекланган жамияти томонидан форел ҳамда осётр балиқлари инкубация қилинмоқда. Шунингдек, Фарғона вилоятида жойлашган “Мистер фиш Фарғона” ва Наманган вилоятида жойлашган “Дб групп эко” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан форел балиғини инкубация қилишдан тортиб, қайта ишлашга бўлган жараёнлар амалга оширилмоқда, дейилади «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси Ахборот хизмати хабарида

Для связи с редакцией используйте адрес электронной почты - info@agronews.uz