Ўзбекистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон ҳўжалиги давлат қўмитаси ташаббуси билан Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар мажмуасида илк бор доривор ўсимликлар маҳсулотларининг биринчи халқаро кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазма маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, фармацевтика маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий компанияларни жалб қилишга қаратилган.

Доривор ўсимлик маҳсулотларининг таўкил этилган Биринчи халқаро кўргазмасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан ҳамда соҳани тартибга солувчи органлар, сотувчи ташкилотлар ва фармацевтика бозори мутахассислари иштирок этяпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, доривор ва зиравор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, дейилади Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.
Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Доривор ва зиравор ўсимлик етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан “Шифобахш ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш ва уларнинг тиббиётдаги аҳамияти” мавзусидаги илмий амалий семинарни ўтказди.
Семинар давомида дориворчилик соҳасини ривожлантириш, илм-фан ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган ишлар, доривор ўсимликлар асосида дори воситалари ва уларнинг тиббиётдаги аҳамиятини ўрганиш борасида илм-фан ютуқлари, фуқаролар саломатлигини таъминлашда халқ табобатининг ролини ошириш борасидаги вазифалар мавзусида тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Баҳор келиши билан турли ўт-ўланлар бодроқдек униб чиқиб, борлиқни кўм-кўк либосга ўрайди. Шифобахш бу ўсимликлардан кўк патир, кўк чучвара, кўк сомса ва манти каби хуштаъм таомлар тайёрланади. Қуйида шундай табиат неъматларидан ҳисобланган момақаймоқ ва хушо (жағ-жағ) ва исмалоқнинг шифобахш хосиятлари ҳақида маълумот бериб ўтмоқчимиз.
Момақаймоқ халқ табобатида қадимдан ишлатиб келинади. У иштаҳа очувчи, таом ҳазмини яхшилашда, қабзият, қорин дам бўлганда, сариқ ва жигар хасталигида, бод, қандли диабет, қон босими ошганда, пешоб йўли, буйракдаги тош, сил, қўтир, чипқон, куйган жойларни даволашда, сўгалларни йўқотишда яхши даво бўлади. У, айниқса, камқонликда, қувватсизликда фойдалидир.
Ўсимлик гулларидан тайёрланган мураббо ташқи кўринишидан, ҳиди ва таъми билан асални эслатади. Эрталаб ўсимлик хушбўй нектарга тўлганида гуллари йиғилади. Сўнг 100 гр. гулига 900 мл. сув нисбатида олиниб, 2-3 дона лимон парраги қўшилади ва паст оловда 40-50 дақиқа қайнатилади, докадан ўтказилади. Кейин бир килограмм қанд қўшилади ва 60-80 дақиқа қайнатилади.
Буюк аллома Абу Али ибн Сино ўсимлик билан йўтални қолдиришда, тиқилмаларни очишда фойдаланган. У заҳарга қарши, чаёнлар чаққанда наф беради. Эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиришда малҳам бўла олади.
Замонавий табобатда ўсимлик иштаҳа очувчи, қабзиятда ва ўт ҳайдовчи сифатида ишлатилади. Бунинг учун бир ош қошиғида ўсимлик барглари ва гуллари олиниб, 200 мл. қайноқ сувга солинади, 20 дақиқа дамланади, сузилади ва 2-4 қошиқдан кунига уч маҳал таомдан ярим соат олдин ичилади. Илдизидан тайёрлаш учун у обдон майдаланади, бир пиёла қайноқ сувга бир ош қошиқ солиниб, паст оловда 30 дақиқа милтиллатиб қайнатилади. Сўнг қайнатмадан 2-3 ош қошиқда уч маҳал ичилади.

Мелисса (лимонўт) билан асабийликдан қутуламиз. Седатив, яъни тинчлантирувчи таъсирга эга бўлган доривор гиёҳлардан яна бири – мелисса.

Мелисса

Мелисса қадимдан асабийликни кетказувчи, уйқуни яхшиловчи ва стрессларни камайтирувчи гиёҳ ҳисобланиб келган. Мелисса седатив, спазмолитик, гипотензив ва оғриқ қолдирувчи таъсирга эга. Мелиссадан тайёрланган чойлар ва дамламалар депрессия, асабий зўриқиш, мигрень, уйқусизликни даволашда қўлланилади.

Уйқуни яхшилаш ва хавотирни камайтириш учун шифокорлар мелиссадан тайёрланган дамламани ичишни маслаҳат беришади.

Бунинг учун:
3 ош қошиқ мелисса гиёҳи устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқа давомида дам едириш лозим. Сўнгра уйқудан олдин илиқ ҳолида қултумлаб истеъмол қилиш тавсия этилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Жағ-жағ (хушо) қадимдан турли хасталикларга даво сифатида ишлатилган. Мамлакатимиз халқ табобатида ва илмий тиббиётда қон оқишини тўхтатувчи восита сифатида қўлланилмоқда. Дамламаси ва суюлтирилган шираси жигар, буйрак, пешоб халтаси каби хасталикларда ва моддалар алмашинуви бузилганда даво бўлади.
Халқ табобатида гастрит, меъда яраси бор, ичбуруғ, бўғим оғриқларида, баъзан юрак ва таносил касалликларида янги олинган шираси тавсия этилади. Шираси 50 томчидан ичилади.
Дамламаси ва экстрактида қон босимини тушуриш хусусияти бор. Дамлама қуйидагича тайёрланади: икки-уч қошиқ янги қуритилган ўсимлик олиниб, устига қайноқ сув (200 гр.) қуйилиб, бир соат дамланади. Кейин кунига 3-4 марта 30-40 мл.дан ичилади.
Шуни айтиш керакки, ўпкадан, меъдадан, ичакдан, буйракдан ярадан қон оқишларини тўхтатиш учун бошқа тур гиёҳлар билан бирга ишлатилса, шифобахшлиги ортади. Масалан, буйракдан қон оқишини тўхтатишда унга қирқ бўғим ўсимлиги қўшилса, нафли бўлади. Бурундан қон кетганда ҳам томизилади. Шунингдек, жағ-жағ обзон қилишда, турли яраларни ювишда қўлланилади.

Доривор гиёҳлар марказий асаб тизимига седатив ёки адаптоген таъсир кўрсатиши мумкин.
Седатив фитопрепаратлар асаб тизими тормозланиш жараёнини тезлаштириб ёки қўзғалиш жараёнини секинлашириб, инсонни тинчлантиради. Шундай гиёҳлардан бири – валериана.

Валериана

Юрак фаорлиятини яхшиловчи, артериал қон босимини пасайтирувчи, шунингдек спазмолитик таъсирга эга бўлган валериана стресс, уйқусизлик, мигрень, климактерик даврдаги эмоционал беқарорлик, неврастения ва психостениянинг енгил шакллари, невралгия ва невродермит кабиларда қўлланилади. Таркибида катта миқдорда эфир мойи бўлгани боис, аллергиклар эҳтиёт бўлиб қабул қилишлари лозим.

Неврозлар, уйқусизлик ва тахикардияда валериана илдизидан дамлама тайёрлаб ичиш мумкин. Бунинг учун:
2,5 ош қошиқ қуруқ валериана илдизи устидан 200 мл қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқа қолдириш керак. Тайёр дамламани кунига 3 маҳал овқатдан сўнг қабул қилиш тавсия этилади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш
агентлиги Матбуот хизмати

Исмалоқнинг барра ўтини кўкатли таомларга қўшиб ишлатилиши сиҳат-саломатликка жуда фойдалидир. Унинг таркибида С, В1, В3, В6, РР, К, Е каби дармон-дорилар, темир, йод, фосфор, калий, кальций, магний каби маъданлар ҳам жо бўлган. Шу моддалар таъсири туфайли бир қатор хасталикларни даволашда қўл келади.
Абу Али ибн Сино исмалоқ баргидан тайёрланган қайнатмани йўтал, қабзиятга қарши, сафро-ўт ҳайдовчи омил сифатида тавсия этган. Унинг баргидан тайёрланган малҳам оғриқ қолдирувчи дори ҳамдир.
Исмалоқдан қайнатма тайёрлаш учун 1 ош қошиқ унинг сархил мурғак ўти ёки барг қиймаси 200 мл. қайноқ сув билан 10 дақиқа мобайнида қайнатилади ва 1 соат дамланади. Кейин докада сузилиб, ундан кунига 50 мл. 3-4 маҳал ичилади.
Халқ табобатида исмалоқ барглари асосида тайёрланган омиллар камқонлик (анемия), томоқ, ўпка, рахит ва асаб хасталикларига шифо ҳисобланади. Унда ел ва пешоб ҳайдаш хусусияти ҳам бор.
Ўсимлик эпилепсияга мубтало бўлган кишиларнинг ҳолатини енгиллаштиради. У қон томирлардаги “ёмон” холестерин ҳосил бўлишининг олдини олади.
Исмалоқ атеросклерозни даволашда малҳам бўла олади. Бунда даволаш муолажаси давомийлиги уч ой, зарурат туғилганда тўрт ой мобайнида, 10 кунлик танаффус билан бирга, олиб борилади. Исмалоқ дамламасига 20 томчи дўлана спиртли тиндирмаси қўшиб ичилса, самараси янада яхшироқ бўлади.
Ўсимликда онкологик хасталиклар ривожланишини камайтириш хосияти бор. Таркибидаги фолий кислотаси камқонликда асқотади. Подагра хасталигига чалинган кишиларга тавсия этилмайди.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

Для связи с редакцией используйте адрес электронной почты - info@agronews.uz