ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИЛОВЧИ ХАЛҚАРО САНА

22.05.2022

1992 йил 22 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва у халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 22 май — Халқаро биологик хилма-хиллик куни сифатида нишонланиб келинади.

Ўзбекистон барқарор ривожланиш учун биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг ўта муҳимлига алоҳида аҳамият берган ҳолда бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга қўшилди ва република ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Янги Ўзбекистон даврида ушбу соҳа давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди, соҳанинг ташкилий-хуқуқий асослари такомиллаштирилди. Хусасан, ушбу мақсадларда 2030 йилгача атроф муҳитни муҳофаза қилиш Стратегияси ишлаб чиқилди, мазкур ҳужжатга асосан мамлакат умумий ер майдонининг 12 фоизини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига киритиш режалаштирилди. Шунингдек, 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси самарали амалга оширилмоқда.

Халқаро ҳуқуқ нормаларга кўра, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш давлатнинг биринчи даражали вазифаси сифатида эътироф этилган.

Мамлакатимизда сўнгги қисқа давр мобайнида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида, хусусан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Соҳага оид 20 га яқин муҳим қонун ва қонуности хужжатлар ҳужжатлар қабул қилинди, стратегия ва давлат дастурлари қабул қилинди.

Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш айнан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда тўлақонли амалга оширилишини эътироф этган ҳолда ҳукуматимиз томонидан мазкур ҳудудлар майдонини кенгайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табииий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни мазкур ҳудудларни ташкил этиш, бошқариш ва кенгайтириш билан боғлиқ  ҳуқуқий асосларни белгилаб беради.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимига 8 та давлат қўриқхоналари, 2 та давлат биосфера резервати, 2 та табиат миллий боғи, 10 та давлат буюртма қўриқхоналари, 6 та табиат ёдгорликлари, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар, республика ҳудудидан оқиб ўтувчи 8 та дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, республика ҳудудида жойлашган халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ жойлари рўйхатга киритилган 2 та (Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими) кўллар киради.

Маълумотларга кўра, юртимизда 15700 га яқин ҳайвон, 4500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар уларни сақлаш, қайта тиклаш ва фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, сўнги йилларда муҳофаза этиладиган табиий майдонлар мамлакат умумий майдонининг 8 фоизига етказилди, ушбу кўрсаткич 5 йил олдин 5,2 фоизни ташкил этар эди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонаси негизида “Қуйи-Амударё” давлат биосфера резервати, “Судочье – Акпетки” давлат буюртмахонаси ташкил этилди. Бугунги кунда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан халқаро миқёсда олиб борилган конструктив саъй-ҳаракатлар ҳамда халқаро анжуманларда билдирилган ташаббуслари билан БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилганлиги, Оролбўйи минтақаси экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинганлиги ўз навбатида нафақат мамлакатда, балки минтақада биологик-хилмахилликни сақлаб қолиш имкониятларини яратади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда биологик хилмахилликни асрашга қаратилган эзгу амаллар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ислом ХУШВАҚТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси

 

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x