“Мош етиштиришнинг яхшиланган технологиялари” мавзусида семинар-тренинг

14.06.2022

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги иштирокида Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ИКАРДА) ҳамда Хоразм агромаслаҳат маркази (КРАСС) томонидан “Мош етиштиришнинг яхшиланган технологиялари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди, хабар беради Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги. Унда мутахассислар билан бир қаторда “ғўза – буғдой” алмашлаб экиш жараёнида мош етиштиришга қизиқиш билдирган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди. Ўқув тренинги давомида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти экспертлари ҳам ўз тажрибаси билан ўртоқлашишди. Учрашувда фермерларга мош етиштириш, ҳосил йиғилгандан кейин унга ишлов бериш, ушбу ўсимликни ҳимоя қилиш чоралари ҳамда уруғларни тўғри танлаш масалалари бўйича тегишли тавсиялар берилди. Тренингдан асосий мақсад мошнинг юқори ҳосилдор навларини экадиган фермерларнинг салоҳиятини оширишдан иборат бўлди. Тадбирда таъкидланганидек, мош Ўзбекистонда азалдан унчалик катта ҳажмда етиштириб келинмаган. Шу сабабли фермерлар учун яхшиланган технологиялардан фойдаланган ҳолда ушбу экинни етиштиришга доир билимлар зарур. Улар дуккакли дон экинлари бўйича етакчи ҳисобланган Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Тайланд, Миср ва Австралия каби давлатлар тажрибасини ўрганишлари керак. Қолаверса, мош ҳосилини замонавий комбайнлар ва кичик техника воситалари орқали териб олишга алоҳида аҳамият қаратиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Мош – дуккакли озиқ-овқат экини бўлиб, вегетация даври қисқа ва ғўза-буғдой алмашлаб экиш жараёнида қўшимча экин сифатида яхши мос келади. Иссиқлик ва қурғоқчиликка чидамли бўлган мош ёзнинг юқори ҳароратига бардош бера олади ва кўп сув талаб қилмайди. У озуқа моддаларига талабчан икки экин – буғдой ва пахта ўртасида тупроққа озуқа моддаларини қўшади. Бу эса мазкур алмашлаб экиш жараёнида қўшимча даромад келтиради. Мош озуқа экини ва қиммат турадиган ҳайвон оқсили ўрнини қисман боса олади. Ўқув тренинги доирасида Қорақалпоғистон Республикаси шароитида баҳорги ва кузги буғдой етиштиришга бағишланган дала куни бўлиб ўтди.

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x