Экофорум-2022

16.06.2022

Замонавий воқеликда иқтисодий фаровонлик тобора экологик тоза, ресурсларни тежовчи технологиялар ва ёндашувларни жорий этишга боғлиқ бўлиб бормоқда. Зеро, дунё аҳолиси ўсмоқда, табиий ресурслар эса доимий равишда қисқармоқда.

БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурига кўра, иқтисодиётни “яшил”лаштиришга дунё ЯИМнинг 2 фоизини инвестиция қилиш 2011—2050 йиллар давомида ҳозирги ва келажакдаги узоқ муддатли ўсиш суръатларини таъминлайди, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ошиши ва экотизим хизматларининг йўқолиши билан боғлиқ жиддий хавфларнинг олдини олади.

15 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Экологик форумда вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, эколог олимлар, экспертлар ресурслар чекланиши, иқлим ўзгариши шароитида Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш бўйича эришилган натижалари, иқтисодиёт соҳасига инновацион усулларни жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Таъкидлангандек, Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар давом этмоқда. Шу билан бирга, ўзгаришлар марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари турибди. Инсон капиталига, билим ва инновацияларга йўналтирилган инвестициялар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш – иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш шарти сифатида қаралмоқда.

Жаҳон ресурслари институти маълумотларига кўра, республикамиз сув таъсиридан энг кўп жабрланган 25 мамлакат қаторига киради ва сув танқислиги иқлим ўзгариши билан янада ёмонлашаверади. Шу билан бирга, Ўзбекистон чучук сув олиш бўйича энг юқори ва сувдан фойдаланиш самарадорлиги бўйича дунёда энг паст кўрсаткичларга эга.

Яна бир муҳим йўналиш — углеводород энергияси улушини камайтириш. Мутахассисларнинг қайд этишича, муқобил энергияга маблағ киритиш Ўзбекистонга электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини оширишга ва эҳтиёжни қоплашга имкон беради. Аҳолининг тез ўсиши ва иқтисодиётнинг ривожланиши электр энергиясига бўлган талабни кучайтирмоқда. Ҳукуматнинг прогнозларига кўра, беш йилдан кейин бу истеъмол 1,5 бараварга – йилига 100 млрд кВт / соатгача ошади.

Экологик муаммолар оқибатларини юмшатиш ва иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида бошқарувни такомиллаштириш мақсадида 2019 йил октябрь ойида 2019—2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Унинг доирасида “яшил энергия” йўналиши танланди. Яқин 8 йилда мамлакат электр энергиясининг 25 фоизини қайта тикланувчи манбалардан ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Деярли 10 ГВт қувватга эга янги қайта тикланувчи энергия объектлари, шу жумладан 5 ГВтли қуёш, 3 ГВтли шамол ва 1,9 ГВтли гидроэлектростанцияларни қуриш кўзда тутилган.

Ўтган йилнинг август ойида фойдаланишга топширилган “Нур-Навоий” фотоэлектр станцияси кейинги беш йилга мўлжалланган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича 19 та лойиҳанинг биринчиси бўлди. Уларнинг умумий қиймати 6,5 млрд долларни ташкил қилади.

Жорий йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 100 МВт қувватга эга иккинчи Қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. У йилига 260 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда ва 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминламоқда. Станциянинг ишга туширилиши йилига 78 млн куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олдини олиш имконини беради. Бу миқдорда тежалган газ 10 кун давомида мамлакатимиздаги барча хонадонларни табиий газ билан таъминлаши мумкин.

2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт  стратегиясида ҳам мамлакатимизда “яшил” энергетикани янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2022 йилда гидроэнергетика соҳасида умумий қуввати 173 МВт бўлган 7 та лойиҳа ишга туширилади.

Иқтисодиётни ривожлантириш жараёнида мамлакат раҳбарияти иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга содиқ қолади. Буни 2030 йилгача Барқарор ривожланишнинг 16 та Миллий мақсадлари ва улар билан боғлиқ 127 та вазифалари белгилангани тасдиқлайди. Шу билан бирга,  “яшил” ривожланишнинг асосий талабларига риоя қилиш мажбуриятлари олинди.

Ўзбекистонда юқори барқарорликка, атроф-муҳитга янада эҳтиёткорона муносабатда бўлган ва инклюзивликка эга келажакни шакллантириш долзарблигини Жаҳон банкининг яқинда эълон қилинган ҳисоботи ҳам тасдиқлайди. Унда одамларга сармоя киритиш, иқтисодиётни “яшиллаштириш” ва декарбонизация орқали инсон капиталини мустаҳкамлаш тавсия қилинади.

Экофорумнинг сессия шаклидаги мажлисларида иштирокчилар “яшил” иқтисодиётнинг асосий принциплари, глобал экологик чақириқлари, экологик ҳуқуқни ҳимоя қилиш, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни ривожлантириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг чўлланиш, ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш каби масалаларини кўриб чиқди.

Якунда табиий ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга асосланган “яшил” иқтисодий ўсиш стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Экологик форум “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистондаги  Huawei компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир 17 июнга қадар давом этадиган Фаол фуқаролар ҳафталиги дастуридан ўрин олган.

 

Адилов Қ.Қ, муҳбир

 

0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x