Технологиялар бўйича Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги

29.06.2022
Бугун қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам замонавий техника-технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Экинни ерга қадашдан токи ҳосилни йиғиб олгунгача бўлган барча даврда замонавий техника фермерлар учун энг яқин кўмакчига айланмоқда. Даладаги ҳар бир янги, замонавий техника эса, албатта, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш марказининг назоратидан ўтади. Ушбу марказ Туркия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаларини синаш маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиши эса, республикадаги аграр соҳа ривожига берилаётган яна бир имконият, стандартлаштириш ва сертификатлаш соҳасидаги самарадорликни оширишдир. TAMTEST раҳбари Meltem Deniz CAN бошчилигидаги Туркия қишлоқ хўжалиги делегацияси марказлар ўртасида ўрнатилаётган алоқаларни мустаҳкамлаш ва Ҳамкорлик меморандумини имзолаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази (ҚХТТСМ) га келишди. Ташриф доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва техник модернизациялаш бошқармаси бошлиғи Қодир Исмоилов ва ҚХТТСМ мутахассислари ва меҳмонлар иштирокида “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида учрашув бўлиб ўтди. Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро аккредитациядан ўтказиш, имитацион ва тезкор синов лабораторияларини қуриш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш тадбирнинг асосий мавзусига айланди. Шунингдек, марказда олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтларидан технолог консрукторлар, ишлаб чиқариш корхоналаридан малакали мутахассисларни жалб этиш орқали “Маънавият ва маърифат ҳамда билимлар уйи”да ташкил этилаётган ўқув курсларида ўқитиш режалаштирилаётганига ҳам тўхталиб ўтилди. TAMTEST раҳбари Мeltem Deniz CAN эса, Туркия қишлоқ хўжалиги техникаларини синаш маркази фаолияти ҳақида тайёрлаб келган видеоролигини намойиш қилди. Учрашувдан сўнг меҳмонлар марказ фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида ҳудудда жойлашган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаш музейи, техникаларни синаш стендлари жойлашган лабораторияларда бўлишди. Марказнинг асосий фаолияти, функциялари ва вазифалари ҳамда мавжуд синов ускуналари, ўлчов воситалари методикалари билан яқиндан танишишди. Ушбу ҳамкорликнинг эътиборли жиҳати шундаки, ўтказилган музокарадан илғор хориж синов марказлари ҳамда ишлаб чиқарувчилари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш, халқаро талаблар асосида синовларни ўтказишга эришиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларига тупроқ-иқлим шароитларига мос техникаларни тавсия қилиш, уларни агрегатлаш самарадорлигини аниқлаш ҳамда янги ресурс-тежамкор техника ва технологиялар жорий қилинишини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Томонлар марказни халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашишди, дейилади Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ахборот хизмати хабарида.
0
Would love your thoughts, please comment.x
()
x