УЗУМ БИЛАН ДАВОЛАШ, ампелотерапия – узумнинг пишган меваси билан турли (камқувватлик, камқонлик, сил, буйрак, қовуқ, ич оғриғи, юрак-томир ва ҳ. к.) касалликларни даволаш усули. Озиқлик сифати юқори, серши¬ра навларидан фойдаланилади. У. б. д. врач назорати остида ўтказилади. Кунлик истеъмол қилиш миқдори 0, 5 кг дан бошланиб, аста-секин 2 кг гача етказилади. Даволаниш муддати 2-3 ҳафта. Бир кунда 3 марта: наҳорда, тушлик вақтида ҳамда кечки томон ейилади.