МЕВА ҚУРТИ – зараркунанда; асосан олма, нок, беҳи, баъзан ўрик, шафтоли, олхўрини зарарлайди. Қурти мева эти, уруғининг мағизи билан озиқланади. Вояга етган қурти оч пушти, боши оч қўнғир. Пиллага ўралган қуртлари шох-шабба, пўстлоқ, хазон орасида, тупроқда, мева омборлари тирқишларида қишлайди. Баҳорда капалаклар учиб чиқиб, барг ва гулларга тухум қўяди. Тухумдан 6-8 кунда қурт чиқиб мевани зарарлайди. Кураш чоралари: эрта баҳорда дарахтлар танаси эски пўстлоқлардан тозаланади, дарахт танасига қурт тутиш белбоғлари боғланади. Кимёвий препаратлар (Карате, Камелот каби), биологик усуллардан фойдаланилади.